Фахрий футболчилар Қорақалпоғистон биринчилигида беллашди
Нукус шаҳрида «Нуронийлар эътиборда» шиори остида республикамиз нуронийлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида, 60 ва ундан юқори ёшдаги фахрий футболчилар ўртасида спортнинг мини футбол туридан Қорақалпоғистон биринчилиги бўлиб ўтди.
«Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан ташкил этилган мусобақада Нукус шаҳри ва туманлардан 16 та жамоа иштирок этди. Қизғин кечган мусобақанинг финал ўйинида Нукус шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Тўрткўл тумани фахрийлари иккинчи ўрин. Фахрли учинчи ўрин Хўжайли ва Беруний туманлари жамоаларига насиб этди.
Ўтказилган мусобақа якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, «Энг яхши ҳужумчи» номинацияси бўйича Хўжайли туманидан Розимов Орынбай, «Энг яхши ҳимоячи» номинацияси бўйича Беруний туманидан Таджибаев Шавкат, «Энг яхши дарвозабон» номинацияси бўйича Нукус шаҳридан Мишенов Мақсет қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.