Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар кўриб чиқилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси У.Рўзиқулов, "ADM Global" компанияси бош директори Д.Давлетияров, компаниянинг ташқи алоқалар ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик бошқармаси директори С.Аббасов, "ADMC DASAN" компанияси бош директори ўринбосари, маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи А.Солиев билан учрашди.
Ўтказилган учрашувда автомобилсозликни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали маҳаллийлаштириш ишларини жадаллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа долзарб масалалар ҳақида сўз юритилди.
Бундан сўнг амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар тақдимоти кўриб чиқилиб, таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида, Жўқорғи Кенгес Раиси ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасида алоҳида берилган имтиёзлар ҳақида кенг турда таъкидлаб, янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳар қандай лойиҳа қўллаб-қувватланишини айтиб ўтди.
Учрашув якунида меҳмонлар самимий қабул учун ўз миннатдорлигини билдирди ва унда биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда KIA автомобиль ишлаб чиқариш компаниясининг бўлимини Қорақалпоғистонда очиш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш масалалари ҳам ўрганилаётган бўлиб, бу бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.