Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев республика ва туман идора-ташкилотлари масъуллари иштирокида Чимбой туманини ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказди.
Унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг бажарилиши масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун молиявий манбалар ва имкониятлар ҳам яратилган.
Лекин, айрим жойларда муассаса-ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилари, шунингдек, маҳалла фаоллари томонидан камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, тақдим этилган ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлиги, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Мажлис давомида ўз вазифасини ижро этишда хато-камчиликларга йўл қўйган масъуллар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Айрим раҳбарларга интизомий жазо чораси қўлланилиб, зарурларининг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.