Игор Витальевич Савицкий таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланди
Яқинда машҳур рассом, маданият арбоби ва «Саҳродаги Лувр» дея эътироф этилган музей асосчиси Игор Витальевич Савицкий таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Дастлаб, Қорақалпоғистон маданияти ва санъатини дунёга танитишда салмоқли ҳисса қўшган фидойи инсон, машҳур коллекционер - Игор Савицкийнинг қабри зиёрат қилиниб, гулчамбарлар қўйилди.
Бундан сўнг И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи кинозалида хотира учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, Савицкийнинг меҳнатлари ва Қорақалпоғистон санъати ва маданиятини дунёга танитишдек машаққатли, шу билан бирга шарафли ишлари ҳақида кенг турда таъкидлаб ўтди.
Бундан сўнг соҳа ходимлари Игор Витальевич Савицкийнинг ҳаёти ва меҳнат йўли, унинг фидокорона ишлари ҳақида маъруза қилди.
Тадбир давомида, «Игор Савицкий дунёси» кўргазмаси бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Экскурсия давомида меҳмонлар унинг коллекционерлик йўли, ижоди ва санъатга бўлган алоҳида меҳрига яна бир бор гувоҳ бўлди.