Қораўзак туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Қораўзак туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб, Ўрмон хўжалигининг 7 гектар ер майдонида грант маблағлари асосида ўрнатилган ёмғирлатиб суғориш технологияси кўздан кечирилди. Ташқи беғараз кўмаклар ва грант маблағларини жалб қилиш орқали бундай лойиҳаларни кўпайтириш кераклиги таъкидланди.

Бундан сўнг, Жўқорғи Кенгес Раиси «Бердақ» ОФЙдаги «Айтбай Жери» МЧЖ корхонасининг боғдорчилик ва полиз маҳсулотларини етиштириш лойиҳаси, ҳурматли Президентимизнинг 153-сонли қарори асосида ёшларга ажратилган ер майдонларида етиштирилган маҳсулотлар, «Ата мәкан» МФЙдаги Хожамуратов Шамуратнинг деҳқон хўжалиги, Сейдабуллаев Парахатнинг узумчиликни ривожлантириш бўйича ишларини бориб кўрди. Ер билан тиллашиб, уни даромад манбаига айлантириш орқали оиласига қўшимча даромад киритувчи оилалар сонини янада кўпайтириш кераклиги, бунинг учун барча имкониятлар яратиб берилгани алоҳида таъкидланди.
Ёшлар маркази биносида хорижий тилларга ўқитиш бўйича ташкил этилган ишлар, масофавий хизмат кўрсатувчи БПО марказида ёшларни ахборот технологияларига ўқитиш жараёнлари ҳам кўздан кечирилди.
«Есим» МФЙдаги Жуманазаров Полатнинг уй шароитида қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси, Даўлетяр Еримбетовнинг уй шароитида мебель ишлаб чиқариш, Жүгинис Палўаниязовнинг ойна маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари кўриб чиқилди. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича барча ёрдамларни кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.