Юртимизда футзал спортини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Ўзбекистон футзал федерациясининг президенти Бекзот Маматқулов билан учрашди.
Унда дастлаб, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар қатори, спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга кенг имкониятлар яратилаётгани, айниқса, ёшларимиз орасидан юртимиз байроғини дунёга янада танитадиган спортчиларни етиштириб чиқаришга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунингдек, бундай эътибор натижасида жамоавий спорт турлари бўйича юқори натижаларга эришилиб, шу қаторда ёшлар ўртасида миллионлар ўйини ҳисобланган футбол ва футзал ўйинларига қизиқувчи ёшлар сони ортиб бораётгани алоҳида тилга олинди.

Бундан сўнг футболни ривожлантириш билан бирга футзал спортини ҳам кенг оммалаштириш, ёшларни ушбу спорт турига янада кенг жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон футзал федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимини ташкил этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб, футзални янада оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича келишиб олинди.