Жўқорғи Кенгес Раиси Тахтакўпир туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Тахтакўпир туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Дастлаб, “Қараой” маҳалласида ишсиз ёшларга ажратилган ер майдонларида ташкил этилган "бир контур бир маҳсулот" лойиҳаси ҳамда ушбу маҳалла ҳудудида 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган иссиқхона фаолияти бориб кўрилди. Шунингдек, “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудидаги Жаббарбергенов Есемуратнинг томорқасида ташкил этилган ишлар кўздан кечирилди. Экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали юқори даромад олишни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси "А.Адилов" ОФЙ ҳудудида "KAUSAR TEGIRMON" МЧЖ томонидан 878,0 минг АҚШ доллари миқдорида маблағлар асосида ишга туширилган "Жунни қайта ишлаш" лойиҳаси, "Тахтакўпир" маҳалласидаги кичик саноат зонасида амалга оширилаётган ишлар, "Taxtakopir Nan O’nimleri" МЧЖ томонидан дон маҳсулотларини саралаш (колибировка) лойиҳаси билан яқиндан танишди. Тадбиркорликни ривожлантириш борасида улар учун барча қулай шароитларни яратиш, яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида "Тахтакөпир шебер қоллар" тикувчилик корхонасида ташкил этилган ишлар бориб кўрилиб, тадбиркорнинг ўз фаолиятини кенгайтиришда дуч келаётган муаммолари тингланди.
Туман марказида янгидан қурилаётган кўп қаватли уй-жой қурилиши жараёни ҳам ўрганилди. Қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли қилиб якунлаш бўйича топшириқлар берилди.

Масофадан хизмат кўрсатувчи БПО маркази ва туман тиббиёт бирлашмасидаги рақамлаштириш ишлари кўздан кечирилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси бундан сўнг олдинда амалга оширилиши керак бўлган ишлар ва ечимини кутаётган масалаларни белгилаб олиш бўйича кўча бошилари ва нуронийлар билан учрашди.


