Жўқорғи Кенгес Раиси Қўнғирот туманида бўлди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев фуқаролар ҳаётида учраётган муаммоларни ўрганиш, тадбиркорларнинг масалаларини тинглаш, ёшларни касбга йўналтириш ишларини ўрганиш мақсадида Қўнғирот туманида бўлди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси «Суўенли» ОФЙдаги «Сағыр» овулида ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси бўйича қишлоқ аҳолиси билан учрашди. Унда қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув тозалаш иншоотини қуриш учун тегишли маблағларни ажратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан сўнг, «Олмазор» МФЙдаги ижтимоий уйдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича аввал берилган топшириқлар ижроси кўриб чиқилди. Берилган топшириқларга асосан бугунги кунда кўп қаватли бинони оқова сув тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, энергия тармоқлари учун махсус ҳисоблагичлар ўрнатиб берилган.
«Әдебият» ОФЙ ҳудудидаги Тиркиш ва Саят қишлоқларини боғловчи авария ҳолатидаги кўприк бориб кўрилди. Қишлоқ оқсоқоллари билан мулоқот қилиниб, масъулларга муаммони ҳал қилиш учун ажратилиши керак бўлган маблағларнинг ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
«Беруний-Агростар» МЧЖ томонидан чорва озуқаси етиштириш бўйича агроплантация яратиш лойиҳаси, «KUNGRAD LESTORG» МЧЖнинг ёғоч маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ва янги ташкил этилган логистика маркази ишлари кўздан кечирилди. Тадбиркорларнинг муаммолари тингланиб, уларга тез фурсатда ечим топиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан сўнг, «Киет деҳқонлари» ишлаб чиқариш кооперативи томонидан «бир контур - бир маҳсулот» тамоили асосида ташкил этилган ишлар, «Касбий кўникмалар маркази»нинг тумандаги филиалида ташкил этилган тил ўргатиш курслари, масофавий хизмат кўрсатувчи БПО маркази ишлари кўриб чиқилди.
.