Бир гуруҳ фаол тадбиркорлар тақдирланди
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Тадбиркорлар куни муносабати билан бир гуруҳ ташаббускор тадбиркорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов сўзга чиқиб, ҳурматли Президентимиз томонидан бугунги кунда жуда долзарб бўлган, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ҳақида кенг тарзда таъкидлаб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қисқа вақт ичида янги-янги объектлар ишга туширилиб, йирик ҳажмдаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўтказилган тадбирда ана шундай эзгу ишлар кенг эътироф этилди.
Байрам тадбирида ҳурматли Президентимизнинг махсус Фармонлари асосида мукофотланган Кегейли туманидаги «Арзыў» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Салиева Палзадага "Дўстлик" ордени, Тўрткўл туманидаги "115-Тўрткўл автокорхонаси" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Керимбаев Ғайратдин ва Нукус шаҳридаги «Good Cafe» оилавий корхонаси раҳбари Мамутова Махирага "Шуҳрат" медали, шунингдек, 6 нафар фаол тадбиркорларимизга "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан бир қатор тадбиркорлар Жўқорғи Кенгеснинг кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.