Япония тажрибаси Қорақалпоғистонда: Нукусда "U-HOPE 2025" дастури ишга тушди
Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантиришда янги саҳифа очилди. Нукус шаҳрида "Бизнесни ривожлантириш банки" томонидан "Yori-I" лойиҳаси доирасидаги
"U-HOPE 2025" халқаро инновацион дастурининг очилиш маросими ташкил этилди. Ушбу дастур Япониянинг илғор тажрибаларини маҳаллий тадбиркорлик муҳитига татбиқ этишга қаратилган.
Ўзбекистон Президентининг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари, хусусан, япон модели асосида тадбиркорларни ўқитиш ва Қорақалпоғистонда 50 нафар менторни тайёрлаш зарурлиги
"U-HOPE 2025 START" лойиҳасининг асосини ташкил этади. Мазкур лойиҳа Бизнесни ривожлантириш банки томонидан Япониянинг Ямагата университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Япон ноу-хауларига асосланган ҳолда тайёрланадиган 50 нафар ментор ўз билимларини бошқаларга етказиб, ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини жонлантиришга, янги иш ўринлари яратишга ва аҳолининг турмуш даражасини
оширишга ҳисса қўшади. Бу лойиҳа орқали Қорақалпоғистон иқтисодиётига японча аниқлик ва инновацион ёндашув кириб келиши кутилмоқда.