Қорақалпоғистонда Тўрткўл — Элликқалъа — Беруний айланма йўли қурилади
Осиё тараққиёт банки Қорақалпоғистон йўлларини модернизацияси учун $230 млн доллардан ортиқ маблағ ажратади
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг (Ўрта йўлак) муҳим қисмини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 233,1 млн доллар қарз ажратишни маъқуллади. (https://www.adb.org/uz/news/adb-supports-strategic-road-upgrade-uzbekistan)
Ўрта йўлакнинг барқарорлигини ошириш ва модернизация қилиш лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасидаги «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» (А380) автомобиль йўлининг тахминан 87 км қисмини реконструкция қилишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида 75 км узунликдаги янги айланма йўл («Тўрткўл — Элликқалъа — Беруний») қурилиши ҳамда мавжуд А380 автомобиль йўлининг 12 км қисмини қайта қуриш режалаштирилган.
Лойиҳа иқлимга чидамли ечимлар, жумладан, цемент-бетон қопламалар, баланд кўтармалар ва такомиллаштирилган дренаж тизимларини жорий этишни назарда тутади. Бу эса, иқлим таъсири ва экстремал об-ҳаво шароитларига чидамлиликни оширади.
Мазкур инвестиция Ўзбекистоннинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди ва Қорақалпоғистонда инклюзив иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Иқлимга чидамли инфратузилма ва ақлли транспорт тизимларини қўллаш орқали лойиҳа узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга хизмат қилади, шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлар учун хавфсизроқ ва самаралироқ ҳаракатланиш имкониятини яратади.
Шунингдек, лойиҳада йўлак бўйлаб бешта дам олиш ва хизмат кўрсатиш маскани ташкил этилиши кўзда тутилган. Уларда, жумладан, электромобилларни қувватлаш шохобчалари ҳамда аёллар учун хавфсиз ва қулай шароитлар яратилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 293,7 миллион долларни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳукумати 60,6 миллион доллар миқдорида ҳисса қўшади.