Нукус туманида янги корхона ишга туширилди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида «Тақыркөл» овул фуқаролар йиғини ҳудудида «BEKMURAD NUKUS TR» масъулияти чекланган жамиятининг янги озуқа (гранула) ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси А.Жуманазаров, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов, туман ҳокими З.Зайтов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Умумий қиймати 600 минг АҚШ доллари бўлган корхонага чет элдан 480 минг АҚШ доллари бўлган, бедани қайта ишлаш орқали чорва моллари учун озуқа (гранула) тайёрлайдиган замонавий асбоб-ускуналар келтирилди. Шу билан бирга корхонада лаборатория ташкил этилиб, унда Франция давлатидан ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга «Spectra star» номли асбоб-ускуна келтирилди.
Ушбу лойиҳа ишга туширилиши орқали чорва моллари учун соатига 2 тоннагача сифатли ва тўйимли озиқа маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти яратилиб, нафақат маҳаллий чорвачилик тармоғини озуқа билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим қадам бўлади.
Корхона ўз маҳсулотларини ички бозордан ташқари талаб юқори бўлган мамлакатларга, жумладан, Хитой Халқ Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қилишни режалаштирган. Бу эса ташқи бозорларга чиқиш, валюта тушумини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, туманнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.