Қорақалпоқ давлат университети Чимбой факультетининг талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди
Бугун, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Чимбой факультетининг тўлиқ қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилаётган талабалар турар жойининг очилиш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарат раҳбари Ж.Идиятуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги ва бино фойдаланишга топширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Тадбирда Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Өтемуратов, университет ректори, академик А.Реймов, Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов ҳамда университет жамоаси ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб таълим олиши ва ҳар томонлама етук инсон бўлиб шаклланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. 4,2 млрд. сўм маблағ асосида 150 ўринли талабалар турар жойида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, талаба ёшлар учун барча қулай имкониятларнинг яратилиши мана шу борадаги эзгу ишлардан бири ҳисобланади.