Mobiuz Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги тармоқларни ривожлантиришга 30 млн доллардан ортиқ сармоя киритмоқда
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Mobiuz тармоқларини модернизация қилишнинг биринчи босқичи натижаларига бағишланган расмий тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Ўзкомназорат» инспекциясининг ҳудудий бошқармалари вакиллари, Mobiuz ва ZTE Uzbekistan раҳбарияти ва вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Mobiuz мобил оператори инвестиция стратегиясини фаол амалга ошираётгани таъкидланди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига SWAP лойиҳасининг биринчи босқичи натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сўнгги йиллари барча ҳудудларда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли ва бизнес учун рақамли хизматларни жорий этиш бўйича давлатимиз томонидан белгиланган йўналиш доирасидаги вазифалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Mobiuz тармоқлари ва ускуналарини модернизация қилиш (SWAP лойиҳаси) — бунинг яққол мисоли. Лойиҳани амалга ошириш учун телекоммуникация технологиялари соҳасидаги жаҳон етакчиларидан бири — ZTE Corporation компанияси жалб қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги тармоқларни техник қайта жиҳозлаш лойиҳасининг умумий қиймати 30 миллион доллардан ортиқ бўлиб, ҳозирга қадар 13 миллион доллардан кўпроқ маблағ ўзлаштирилди. SWAP лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда 314 та радиорелей оралиғи ва 268 та таянч станция алмаштирилди. 637 та янги таянч станция ишга туширилди.
Тадбир доирасида мобил интернет тезлигининг жонли ўлчовлари ўтказилди. Келгусида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида SWAP лойиҳаси давом эттирилиши ва кенгайтирилиши таъкидланди.