Нукус шаҳрида Қўл жангининг R1 йўналиши бўйича Профессионал спортчилар орасида «Оролбўйи кубоги» халқаро турнири ўтказилди
Бугун Нукус шаҳридаги марказий амфитеатрда Қўл урушининг R1 йўналиши бўйича Профессионал спортчилар ўртасида «Оролбўйи кубоги» халқаро турнири мусобақалари бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.
Бундан сўнг турнир беллашувларига старт берилди. Унда Озарбайжон, Беларус, Қирғизистон, Россия, Туркия ва Италия давлатларидан профессионал спортчилар иштирок этди.
62 кг енгил вазнда Тоссо Пьетро (Италия) ва Абдумажид Қосимов (Ўзбекистон) беллашувида Абдумажид Қосимов ғолиб бўлди. 70 кг ўрта вазнда Медведева Аселия (Беларус) ва Нилуфар Полвонова (Ўзбекистон) беллашувида Нилуфар Полвонова ғолиб бўлди. 73 кг ўрта вазнда Аброр Ҳакимов (Қирғизистон) ва Азизхон Абдуллаев (Ўзбекистон) беллашувида Азизхон Абдуллаев рақибидан устун келди. 80 кг ўрта вазнда Набиев Гундуз (Озарбайжон) ва Айбек Махсетов (Ўзбекистон) ўртасидаги беллашувда Набиев Гундуз ғолиб чиқди.
97 кг вазн тоифаси бўйича Шахзаде Махсун (Туркия) ва Бегзодбек Махаматов (Ўзбекистон) ўртасидаги беллашувда Бегзодбек Махаматов ғалаба қозонди.
Куннинг марказий беллашуви 97 кг оғир вазн тоифасида Болотских Евгений (Россия) ва Оғабек Жуманиязов (Ўзбекистон) беллашувида Оғабек Жуманиязов рақибига имконият қолдирмади.
Кескин курашлар, аёвсиз зарбалар остида ўтган учрашувлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ғолиблар табрикланиб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.