Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда иқтисодиёт барқарор ўсади – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказмоқда.
Сўнгги саккиз йилда таълим ва тарбия соҳасида ҳам ўн йилларга тенг келадиган ишлар амалга оширилиб, улкан натижа ва ютуқларга эришилгани таъкидланди.
Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсди, йил якуни билан жон бошига даромад 3,5 минг долларга етади. Ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳам йил охиригача 130 миллиард доллар бўлади.
Барча тармоқларга замонавий технологиялар ва инновациялар кириб келаётгани ҳисобига бу йил экспорт 25 миллиард долларга олиб чиқилади. Ўтган 8 йилда эса мамлакатимизга 130 миллиард доллар хорижий сармоя киритилди.
Эътиборлиси, илгари инвестиция асосан хомашё ресурсларига киритилган бўлса, ҳозир ҳар бир соҳада янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, инфратузилмани яхшилашга йўналтириляпти.
–Мен бу иқтисодий кўрсаткичларга нима учун кўп тўхталяпман? Чунки иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади. Таълим сифати юқори бўлган мамлакатда эса иқтисодиёт барқарор ўсади. Бу – ҳаёт қонуни!,– деди давлатимиз раҳбари.