Келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники бўлади – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказмоқда.
–Биз ёшларимизни нафақат замон билан ҳамнафас, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз керак. Ҳеч қачон унутмайлик, келажак – замонавий билимлар билан қуролланган янги касб эгалариники бўлади,– деди давлатимиз раҳбари.
Иқтисодиётимизга йилига 30-35 миллиард доллар инвестиция, янги йўналишлар, замонавий технологиялар кириб келяпти, минглаб корхоналар ишга тушяпти. Шунинг ўзидан йилига 250-300 минг атрофида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўляпти.
Бу жойлар, энг аввало, ёшларимиз ишли бўлиши учун қўшимча имконият. Лекин улар замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникма ва малакага эга бўлиши зарурлиги таъкидланди.
2026 йил ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши қайд этилди.
Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинмоқда. Ушбу агентлик ва ҳокимларнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.