Бирлашган Араб Амирликларининг “Абу-Даби тараққиёт фонди” раҳбарлари Қорақалпоғистонга келди
Бирлашган Араб Амирликларининг “Абу-Даби тараққиёт фонди” Бош директори Моҳамед Саиф Ал Суўаидий бошчилигидаги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази бош директори Тарифа Ал Заҳаби иштирокидаги делегация Қорақалпоғистонга келди ва Оролбўйи халқаро инновация марказида ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади “Абу-Даби тараққиёт фонди”нинг молиявий кўмаги билан ИКБА, Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати, Оролбўйи халқаро инновация маркази, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва бир қатор манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида эришилган муҳим натижалар билан танишиб, лойиҳа доирасида барпо этилган Интегратсиялашган агро-аквакултура тизимлари пилот лойиҳасини тантанали равишда ишга туширишдан иборат.
Меҳмонлар билан учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов, Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этди ва меҳмонларни Қорақалпоғистон Республикасида давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, лойиҳалар ва келажакдаги режалар билан таништириб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги лойиҳа натижалари ва амалга оширилаётган ишлар нафақат Қорақалпоғистон учун, балки бутун Оролбўйи минтақаси, шунингдек, глобал миқёсда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларига мослашиш ва уларни юмшатиш йўлида муҳим қадамдир. Бу ташаббус барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Унда келгусида бундай ҳамкорликлар кўламини янада кенгайтириш бўйича қатор таклифлар ҳам берилди.
Тадбир давомида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар натижалари бўйича Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Хабибуллаев тақдимот қилди.
Моҳамед Саиф Ал Суўаидий ушбу ташаббусни иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўлидаги катта қадам сифатида баҳолаб, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ишлар минтақадаги экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Учрашувдан сўнг Интегратсиялашган агро-аквакултура тизимлари пилот лойиҳаси тантанали равишда ишга туширилди. Бу тизим ёрдамида сазан балиқлари, шўрга чидамли экинлар ва спирулина сув ўтлари етиштириш йўлга қўйилади. IAAS тизимининг асосий инновацияси - сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва аквакултурани уйғунлаштирган ҳолда барқарор ишлаб чиқаришга эришишдир.