Тўрткўл - Элликқалъа - Беруний айланма йўлини реконструкция қилиш масалалари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов Осиё тараққиёт банкининг жанубий, марказий ва ғарбий Осиё ҳудудлари бўйича вице-президенти Инмин Янг бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Унда дастлаб, сўнгги йилларда юртимизда халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш борасида ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, бу борада Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кенг таъкидлаб ўтилди.
Бундан сўнг, банк иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилган халқаро аҳамиятдаги А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари ҳудудидан ўтган қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Осиё тараққиёт банкининг 233,1 млн. доллар қарз маблағлари асосида А380 автомобиль йўлининг Қорақалпоғистон Республикасидан ўтган қарийб 87 км қисмини реконструкция қилиш белгиланган эди. Лойиҳа доирасида 75 км узунликдаги янги айланма йўли («Тўрткўл - Элликқалъа – Беруний») қурилиши ва мавжуд А380 автомобиль йўлининг 12 км қисмини қайта қуриш режалаштирилган.
Учрашув давомида Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳалар инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланиб, ҳамкорлик ишлари бундан буён ҳам давом эттирилиши қайд этилди.