Амударё туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Амударё туманида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.
Дастлаб, «Бештом» маҳалласи ҳудудидаги «Amu karavan hotel» МЧЖ томонидан ташкил этилган меҳмонхона хизмати лойиҳаси кўриб чиқилди. Жўқорғи Кенгес Раисига олдиндаги режалар тақдим этилди.
Бундан сўнг, «Чойкўл» ОФЙ ҳудудидаги «Чойкўл Дўстлик» фермер хўжалиги даласида Хитой давлатидан олиб келинган пахта териш машинасининг иш жараёни, янги техниканинг имкониятлари кўздан кечирилди. «Бекман Аллаберганов» фермер хўжалигининг экин майдонидаги теримчилар ҳолидан ҳам хабар олиниб, илғор теримчиларга совғалар топширилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси «Ойбек» маҳалласидаги «Ойбек мебель» МЧЖ томонидан йўлга қўйилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси, «Ёқуббой Аширов» фермер хўжалиги томонидан Хитой технологияси асосида ишга туширилган пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар уруғларини қайта ишлаш лойиҳаси билан танишиб, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга яқиндан ёрдам бериш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқларни берди.
«Дўрмон» овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Сайхунобод тажрибаси» асосида бир контур - бир маҳсулот ўлчами билан янгидан ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти ҳам кўздан кечирилди.
Амударё туманида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш жараёнида Хитой давлатидан келган инвесторлар ташкил этган «EverPROSPER INVESTMENT CONSULTING» МЧЖ томонидан «Янги Ўзбекистон» массиви ҳудудида 600 хонадонли кўп қаватли уйларни қуриш лойиҳасига старт берилди.