Амударё туманини ҳар томонлама ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев раҳбарлигида Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда аввал берилган топшириқлар ижросига бағишланган мажлис ўтказилди.
Унда республика идораси, ташкилот ва тегишли вазирликлар, туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Мажлисда дастлаб, олдинги мажлис даврида белгилаб берилган топшириқларнинг бугунги кунда бажарилиши, маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, камбағалликни қисқартириш, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси масалалари танқидий кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам топшириқларнинг ижроси масалалари ҳам муҳокама этилди.
Унда шунингдек, мазкур ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.