Қорақалпоғистонда ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳажми оширилмоқда
Мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ишлари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, янги таҳрирдаги бош қомусимизда ҳам "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" деган тамойил қатъий белгилаб берилиб, шу орқали "Инсон қадрини улуғлаш" деган эзгу ғоя асосидаги амалий ишлар янги босқичларга олиб чиқилмоқда.
Яқин қисқа давр ичида ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш мақсадида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига илгари алоҳида фаолият юритган ўнлаб ижтимоий ҳимоя, ногиронлик ва камбағалликка қарши курашиш дастурлари жамланиб, фуқароларимизга ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифати оширилди. Сифатли таълим ва тиббий хизмат, болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва уй-жой билан таъминланиши масалаларига ечим топиш бўйича ишларга алоҳида суръат киритилди. Албатта, бу хизматлар орқали, минг-минглаб фуқароларнинг турмуши яхшиланишига эришилди.
Яқин 2 йил ичида, хизматларни рақамли платформа орқали бирлаштириш натижасида Ўзбекистон бўйича 92 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсга иш топишда, 10 мингга яқин шахснинг мустақил меҳнат фаолиятини бошлашига яқиндан ёрдам берилди. Қорақалпоғистонда эса 5,5 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахснинг иш топишига ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон бўйича "Камбағаллик реестри"га эса, 621 минг оила киритилган бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 39 089 оилани ташкил этди ва реестрга киритилган ҳар бир оила учун индивидуал режа ишлаб чиқилиб, қилинган амалий ишлар натижасида бугунги кунда 7 837 оила камбағалликдан чиқарилди.
Шунингдек, "Ёлғиз кексалар реестри" орқали мамлакатимиз бўйича кундалик ҳаётини мустақил бошқара олмайдиган 17 минг 800 нафар шахс қамраб олинган бўлса, Қорақалпоғистонда 1 минг 411 нафар шахс қамраб олинди ва бугунги кунга қадар 200 нафардан ортиқ шахс рўйхатдан чиқарилди. 392 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва қайта тиклашга кўмаклашилди. Бундан ташқари, 2 334 нафар кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларга саломатлигини тиклаши учун санаторийларга йўлланмалар берилди.
2 090 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни психологик-тиббий педагогик комиссия кўригидан ўтказиш учун аризалар қабул қилиниб, 1 159 нафар болага таълим муассасалари учун йўлланмалар берилди. Ҳозирги вақтда имконияти чекланган 8 030 нафар бола таълим билан қамраб олинган. Шунингдек, 117 та умумтаълим мактабларида ташкил этилган 194 та инклюзив синфларда 265 нафар бола, 6 та коррексион синфларда 52 нафар бола таълим олмоқда.
Президент қарори асосида ногиронлиги бўлган болалар учун "Кундузги парвариш хизмати" ташкил этилиб, ПТПК томонидан хулоса берилган жами 218 бола хизматга қамраб олинди.
Бундан ташқари, йил бошидан 4 601 нафар ногиронлиги бўлган шахслар янгидан рўйхатга олинди, 3 971 нафар шахсга бирламчи ногиронлик гуруҳи, 10 219 нафар шахсга қайта ногиронлик гуруҳи белгиланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга қамраб олиш мақсадида республикамиздаги 24 спорт мактабида 115 мураббий раҳбарлигида 910 пара спортчи спорт билан қамраб олинди. Биргина жорий йилнинг ўзида ушбу спортчилар томонидан жаҳон ва халқаро турнир чемпионатларида жами 147 медаль қўлга киритилди.
Президентимиз топшириғи билан "Фаол ҳаётга қадам" дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, йўлга қўйилган янги ижтимоий хизматларни кўрсатувчи 21 та тадбиркор, 43 та ўзини ўзи банд қилган шахслар, 2 та муассаса хизматлари "Оила ҳамкори" платформаси орқали маркет плейсда шакллантирилди. Бугунги кунда ушбу хизматлардан 1810 нафар ёлғиз ва ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланмоқда.
Жорий йилда уй-жойга муҳтож 87 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, шундан, бугунги кун ҳолатига 60 та уй-жой ўз эгаларига топширилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистондаги 452 маҳаллада яшовчи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига 109 турдаги хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ижтимоийлашувига эришилди. Албатта, халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги ишлар бундан буён ҳам давом эттирилади.