Администрация раҳбарининг ўринбосари Юридика факультети талаба-ёшлари билан учрашди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев, Президент Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Маликахон Қаландаровалар иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар университетда таълим жараёнлари ва яратилган шароитлар билан танишди. Шундан сўнг Юридика факультети талаба-ёшлари билан учрашиб суҳбатлашди. Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз келажагини барпо этишда ёшларнинг ўрни ва масъулиятини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мулоқот давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти ва ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди.
Талабалар билан суҳбат давомида уларнинг саволлари тингланиб, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий соҳада фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлашга оид фикрлар билдирилди. Ушбу учрашув талабаларда ҳуқуқий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, уларни суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмуни билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

