«Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди
Бугун Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон санъат саройида «1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев йиғилганларни касб байрами билан табриклади.
Таъкидланганидек, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигидаги ислоҳотлар натижасида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича жуда катта натижаларга эришилмоқда. Ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида барча таълим ва тарбия масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, жорий йилда барча дастурлар асосида жами 356 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан 35 мактабда ва 36 боғчада қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида олий ўқув юртларида умумий қиймати 145 млрд. сўмлик 2150 ўринли 5 та ётоқхона фойдаланишга топширилди, 3 та мактабда халқаро "Кембриж" ўқув дастури жорий этилди. Қорақалпоғистонлик ёшларни олий таълимга қамраб олиш бўйича ўтган уч йилда 20 минг, жорий йилда эса қўшимча 10 минг 750 квота берилгани кўнгилларни алоҳида фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда.
Бугунги ўтказилган тадбирда ана шундай эзгу ишлар ҳақида кенг сўз юритилди.
Бундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми қарори билан бир гуруҳ соҳа фидойиларига фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари ва рағбатлантирувчи мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Байрам тантанаси санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.









