HealthTech AI Hackathon Нукус шаҳрида старт олди
Бугун Нукус шаҳрида «HealthTech Hackathon» синов босқичи старт олди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов иштирок этди ва сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбир мамлакатдаги умуммиллий сунъий интеллект хакатон лойиҳасининг илк босқичи ҳисобланади.
AI Hackathon лойиҳаси 2025 йил октябрдан 2026 йил декабрига қадар босқичма-босқич амалга оширилади ва унда 5 мингдан ортиқ иштирокчи иштирок этиб, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқишлари кутилмоқда.
Нукусда ўтказилаётган “HealthTech Hackathon”нинг асосий мақсади — тиббиёт соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришдир. Лойиҳа мамлакатимиз тиббиёт ҳамжамияти ва IT-мутахассисларини бир майдонга тўплаб, рақамли соғлиқни сақлаш йўналишида янги ечимлар яратиш учун самарали миллий платформа шакллантиришни кўзлайди.
Тадбир IT ва тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари, ёш шифокорлар, IT мутахассислари ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокида давом этмоқда.