Институтда мактабларнинг информатика фани ўқитувчилари учун семинар-тренинг ўтказилмоқда
2 октябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида республикамиздаги умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчилари учун “Замонавий информатика таълимида инновациялар: сунъий интеллект, киберхавфсизлик, илова яратиш ва самарали дарс ўқитиш” мавзусида семинар-тренинг бошланди.
Информатика фани ўқитувчиларини замонавий рақамли тенденциялар билан таништириш мақсадида ташкил этилган семинар-тренингнинг дастлабки кунида Нукус шаҳри ва Беруний тумани мактаблари ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов, Ўзбекистондаги етакчи IT мутахассиси ва финтех инноватори У.Зиямова иштирок этиб, ҳозирги вақтда ахборот технологияларининг ривожланиш тенденциялари ва ҳаётимиздаги ўрни ҳақида сўзлаб берди.
Семинар-тренинг давомида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази ва Киберхавфсизлик университетидан келган мутахассис-тренерлар томонидан сунъий интеллектнинг таълимда қўлланилиши, киберхавфсизлик ва ўқитувчининг масъулияти, мобил илова яратиш асослари бўйича тренинглар ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди.
Семинар-тренинг давом этмоқда.