Халқаро форум доирасида муҳим тадбирлар бошланди
Жорий йилнинг 5-6-октябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Марказий Осиё педагоглари - бир минтақа, бир овоз, бир куч” шиори остида Марказий Осиё педагоглари халқаро форуми ўтказилмоқда.
Унда Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон) таълим вазирликлари, хусусан Озарбайжон ва Туркия давлатлари таълим тизими ходимлари, педагоглар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади.
Форум тадбирлар доирасида иштирокчилар Чимбой туманида бўлишди. Ташриф давомида улар туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда қорақалпоқ халқининг бой миллий анъаналари, миллий таомлари ҳамда ҳунармандчилиги билан яқиндан танишди.
Тадбирда қорақалпоқ халқининг бой маданий мероси ва анъанавий қадриятлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Форум иштирокчилари бундан кейин Тахтакўпир туманида жойлашган “Қара терең” туристик марказига келишди ҳамда бу ердаги қатор маданий-маърифий тадбирларда қатнашмоқда.
Хусусан, этно туристик ҳудудда яратилган шароитлар, ўтов қурилиши жараёнлари, чинакам чўл муҳити барчада бирдек қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ҳудудда ташкил этилган қорақалпоқ миллий санъати намуналари ҳамда этнографик бадиий чиқишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Куннинг иккинчи ярмида педагоглар учун ўқув семинар тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган.