Нукус шаҳрида «Марказий Осиё педагоглари» халқаро форуми ўтказилмоқда
Бугун Нукус шаҳрида «Марказий Осиё педагоглари» халқаро форуми бошланди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида таълим-тарбия тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор тажрибалар, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, педагогларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ўқувчи ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини ўргатиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Ўтказилаётган форумда Марказий Осиё давлатларининг етакчи педагоглари, таълим соҳаси фидойилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Кембриж университети вакиллари иштирок этмоқда.
«Барқарор келажак - экологик таълимдан бошланади» деган ғоя асосида ўтказилаётган бугунги Халқаро форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда, педагоглар учун тажриба алмашиш платформасини яратишда ва минтақавий таълим тизимини ривожлантиришда, халқаро яқин ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Форум доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.