Нукус сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди
Нукус шаҳридаги Нукус сув тозалаш иншоотининг реконструкциядан кейинги қайта фойдаланишга топширилиши муносабати билан очилиш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев ва «Ўзсувтаъминот» жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқулов сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.
Таъкидлаш жоизки, олдин «Нукус сув тозалаш» иншоотида умумий қуввати бўйича суткасига 60 минг куб метр сув етказиб бериш имконияти мавжуд бўлган бўлса, Президентимизнинг махсус қарори билан 86,6 млрд. сўм маблағ асосида реконструкция ишлари олиб борилиб, бу кўрсаткич 90 минг куб метрга етказилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан қамраб олиш эса, 279 минг нафардан 340 минг нафардан ортиқ фуқарога етказилди.
Бундан ташқари, Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида "Жаҳон банки"нинг 78 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан 286 километр канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишлари бошланмоқда. Шунингдек, Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманларида Осиё тараққиёт банкининг 145 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан ичимлик сув таъминотини яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бугунги тантанали тадбир давомида "Ўзсувтаъминот" жамияти томонидан сув тозалаш иншооти ва оқова сув тармоқлари корхоналарига махсус автотранспорт воситалари топширилди.
Тадбир иштирокчилари амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.