Бўзатов санаторияси фойдаланишга топширилди
Жорий йилнинг 17 октябрь куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва нуронийлари билан учрашуви ўтказилди.
Унда Бўзатов туманидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов, кенг жамоатчилик вакиллари видеоалоқа орқали иштирок этди.
Ўтказилган учрашув доирасида олис Бўзатов туманида Президентимизнинг топшириғи билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 123 млрд. сўм миқдорида маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиб, янгидан қурилган Бўзатов санаториясининг очилиш тантанаси ўтказилди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, сўнгги йилларда халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, уларга қулай шароитлар яратиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб, албатта, бундай янгиланишларни ўз турмушида ҳис қилаётган фуқароларимиз бундан чексиз миннатдор эканлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, олти қаватли, 200 ўринга мўлжалланган янги, замонавий санаторияда 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Албатта, бу маскан халқимиз саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.