“Муфтий соврини – 2025” мусобақаси мутлақ ғолиби – Қорақалпоғистон жамоаси!
“Муфтий соврини – 2025” мини-футбол мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтди.
Якуниючрашувида Наманган вакиллиги ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоалари ўзаро беллашди. Иккала жамоа ҳам ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўриб келишгани яққол намоён бўлди. Боиси уларнинг саралашлардан муваффақиятли ўтиб, юқори босқичгача етиб келгани ҳам бежис эмас.
Мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоаси;
2-ўрин: Наманган вакиллиги жамоаси;
3-ўрин: Самарқанд вакиллиги жамоасига насиб этди.
Муросасиз кечган ўйинни футбол шайдолари олқишлар ила кузатиб боришди. Асосий вақтда жамоалар 4:4 ҳисобида дуранг қайд этишди. Ғолиб жамоа пенальтилар серияси орқали аниқланди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоаси 4:2 ҳисобда мустлақ чемпион бўлишди.
Мусобақадан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи витсе-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Темур Кападзе, футбол афсонаси Миржалол Қосимов ва бир гуруҳ мутасаддилар бош кубокни финал ўйини ғолиби Қорақалпоғистон жамоасига тантанали тарзда топширди. Шунингдек, ғолиб жамоа аъзоларининг ҳар бирига биринчи ўрин медали ва ноутбук тақдим этилди.
Шунингдек, ҳакамлар, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг кўп тўпурар”, “Энг яхши ўйинчи” номинацияларига сазовор бўлган ўйинчиларга ҳам қимматбаҳо совғалар, шунингдек, барча ўрин соҳибларига пул мукофотлари ва эсдалик совғалари ҳам топширилди.




