Қорақалпоғистон делегацияси Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашида иштирок этди
Жорий йилнинг 22 октябрь куни Россия Федерациясининг Москва вилоятида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Россия делегациясига Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев раҳбарлик қилди.
Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юксак даражасини яна бир бор тасдиқлади, десак муболаға бўлмайди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаэв раҳбарлигидаги Қорақалпоғистон делегацияси иштирок этди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, форумда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро алоқалар ва маданий-гуманитар шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, электрон савдо, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш, улгуржи савдо-тақсимот марказларини ривожлантириш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун дуал таълим тизимини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган 30 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Қорақалпоғистон делегацияси ва Россиянинг Бошқирдистон, Бурятия ва бошқа ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.




