Қорақалпоғистон пахта топшириш режасини бажарди

Қорақалпоғистон Республикаси пахтакорлари 2025 йил ҳосили учун давлатга пахта топшириш бўйича белгиланган режани тўлиқ бажариб, юқори натижага эришди.
2025 йилги пахта топшириш мавсумида республика бўйича 315 минг 200 тонна пахта топшириш режалаштирилган эди. Жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилган пахтакорлар бу кўрсаткични 315 минг 345 тонна қилиб топшириш орқали 100 фоизга бажарди.
Бу ютуқ Қорақалпоғистон Республикаси фермерлари, деҳқонлари, кластер корхоналари жамоалари, сувчилар, механизаторлар ҳамда барча қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси ходимларининг меҳнатлари самарасидир.
Ҳар қандай об-ҳавода ҳам туну кун меҳнат қилиб, пахта далаларида жонбозлик кўрсатган барча пахтакорлар ва соҳа ходимлари ўзларининг машаққатли меҳнатлари билан ушбу улкан натижага ҳисса қўшдилар.
Албатта, тўпланган хирмон юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга, саноатни янада ривожлантиришга ва янги қувватларни ишга туширишга хизмат қилади.
