Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари!
Сизларни бугунги меҳнат ғалабаси – Қорақалпоғистон Республикасининг пахта топшириш режасининг бажарилгани муносабати билан бутун халқимиз номидан самимий табриклаймиз.
2025 йил ҳосили учун 80 минг гектар экин майдонларига чигит экилиб, 315 минг 200 тонна ҳосил йиғиб олиш белгиланган эди. Меҳнатсевар пахтакорларимизнинг фидокорона хизматлари туфайли бугун бу маррага эришилиб, режа 315 минг 345 тонна этиб тўлиқ бажарилди.
Бу натижага эришиш йўлида Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тахиатош туманлари биринчилардан бўлиб ўз режасини бажарди. Бундан сўнг, Нукус тумани, Қўнғирот, Қонликўл ва Қораўзак туманлари белгиланган маррани забт этди. Тахтакўпир, Шуманай ва Кегейли туманлари пахтакорлари ҳам ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.
Бу йилги ҳосилни йиғиб олишда, республикамизнинг барча фермерлари, деҳқонлари, кластер корхоналари жамоалари, сувчи-ирригаторлар, агроном-механизаторлар, соҳанинг барча бўғин вакиллари билан бирга меҳнаткаш халқимизнинг ҳамжиҳатлик билан ўз ҳиссасини қўшгани кўнгилларга ифтихор туйғуларини бағишламоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, пахтадан мўл хирмон тўплашда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган, техника олишдаги бир қатор имтиёзларни берувчи махсус 66-сонли қарори асосида республикамизга олиб келинган 1 000 дан ортиқ янги техника ва агрегатларнинг ҳам ҳиссаси салмоқли. Айниқса, пахта теримини механизациялаштириш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлган 60 дан ортиқ пахта териш машиналарининг олиб келиниб, дала майдонларида хизмат қилиши ҳосилни йиғиб олишда пахтакорларга алоҳида куч-ғайрат бағишлади, десак адашмаган бўламиз.
Ҳурматли соҳа фидойилари!
Сизларни яна бир бор пахтадан мўл хирмон қилишдаги меҳнат ғалабангиз билан қизғин табриклаймиз. Муваффақиятингиз йилдан-йилга ошаверсин!
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси
