Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам тантанаси ўтказилди
Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида "Ички ишлар органлари ходимлари куни" муносабати билан байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, соҳа фидойилари ва фахрийларини бугунги байрам муносабати билан табриклади.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Б.Валиев, Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органларининг иш самарадорлигини янада ошириш, соҳани инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш, очиқлик ва шаффофлик муҳитини кучайтириш, бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш масалаларига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.
Соҳа ходимлари ўз вазифасини мукаммал бажариш йўлида, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини сақлаш, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш каби кўплаб йўналишлар бўйича эзгу ишлар олиб бормоқда.
Ўтказилган байрам тантанасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан тақдирланган соҳа вакилларига фахрий унвонлар топширилди.
Шунингдек, масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган бир қатор соҳа вакиллари ва фахрийлар Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори асосида кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан бир гуруҳ сафдаги ходимлар кўкрак нишони, муддатидан олдин махсус унвонлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Байрам тантанаси санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.











