Шуманай туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Шуманай туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси "Бегжап" ОФЙ ҳудудидаги янгидан қурилаётган "Омад Сулд" тузни қайта ишлаш корхонасининг қурилиш ишларини кўздан кечирди. Янги корхона ишга тушиши учун барча имкониятларни ишга солиш бўйича топшириқлар берилиб, аниқ вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг "Маданият" МФЙ ҳудудидаги Драйвер 24/7 лойиҳаси асосида ишланаётган ёшлар боғининг қурилиш ишлари билан танишди. Бу ерда ёшлар учун маданий дам олиш ва савдо масканлари, байрам тадбирлари ва концерт дастурларини ўтказиш учун очиқ осмон остидаги махсус майдонча ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ҳурматли Президентимизнинг 404-сонли қарори билан 9,4 млрд. сўм маблағ асосида янгидан қурилган туман тиббиёт бўлимига қарашли кўп тармоқли поликлиникада яратилган шароитлар, шунингдек ички ариқ-зовурларни бетонлаш ишлари кўздан кечирилди.
Туман марказида ташкил этилган ҳунармандлар савдо шохобчаси фаолияти ҳам кўздан ўтказилди. Тадбиркорларнинг ўз фаолиятини ривожлантириши учун яқиндан кўмаклашиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Тумандаги мавжуд муаммоларни белгилаб олиш мақсадида кўча бошилари билан учрашув ўтказилиб, маҳаллалардаги ечимини кутаётган масалалар бўйича фикр алмашилди.
Бундан сўнг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси масалаларига бағишланган мажлис ўтказилди.







