Аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Мўйноқ туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси ҳурматли Президентимизнинг 4271-сонли қарорига асосан, Осиё тараққиёт банкининг 8,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари асосида Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган қурилиш ишлари билан танишди.
Бундан сўнг Ўрмон хўжалиги ер майдонлари ҳам кўздан кечирилди. Кузги дарахт экишга ерларни ва кўчатларни тайёрлаш, ишларни уюшқоқлик билан олиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. «АРАЛ AGRO KLUSTER» томонидан иссиқхонада кузги экишга тайёргарлик ишлари ҳам кўриб чиқилиб, шундай олис ва чекка ҳудудлардан бирида ер майдонини даромад манбаига айлантира олиш кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси «Учсой» ОФЙ ҳудудида жойлашган газ қудуғи ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қурилиш батальони ҳарбий хизматчилари билан учрашиб, улар билан яқиндан мулоқот қилди.
«Дўстлик» МФЙ ҳудудида янгидан ишга туширилган нон цехи ишлари ҳам ўрганилди. Тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши учун яқиндан кўмаклашиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Бундан сўнг, фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳали ҳам ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва муаммоларга ечим топиш бўйича тумандаги кўча бошилари, нуроний-оқсоқоллар ва кекса аёллар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувдан кейин туман фаоллари, мутасадди раҳбарлар билан биргаликда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари танқидий кўриб чиқилди.














