Партия ифтихори — юрт равнақи йўлидаги фидойиларга эҳтиром
Нукус шаҳрида 1 ноябрь – Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганининг 34 йиллиги муносабати билан партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан тантанали байрам тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Нуразизов қатнашди.
Шунингдек, партиянинг Қорақалпоғистон Республика ташкилоти ходимлари, партия тизимида меҳнат қилган фахрийлар ва фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов олиб борди.
Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Раджапбай Нуразизов барча иштирокчиларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганининг 34 йиллиги байрами билан муборакбод этди. У ўз нутқида партиянинг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни муҳим эканини таъкидлади.
Шунингдек, партиянинг ижтимоий адолат тамойилларига содиқ ҳолда кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, партия нуфузини оширишда фидойилик кўрсатиб келаётган фахрийлар, депутатлар ва фаоллар меҳнати эътироф этилди. Шу муносабат билан, бир қатор иштирокчиларга партиянинг Марказий Кенгаши томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбири самимий мулоқот, ўзаро фикр алмашиш ва бирдамлик руҳида, “бир пиёла чой” атрофида давом этди. Иштирокчилар партиянинг келгусида амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар юзасидан фикр юритдилар ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди.
Тадбирда маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки руҳ ва байрамона кайфият бағишлади.



