Нукус шаҳрида янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди
Бугун Нукус шаҳрида аҳолига хизмат кўрсатувчи «Zor Market» савдо мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари - Инвестиция ва ташқи савдо вазири В.Жоллибеков сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳурматли Президентимизнинг қарор ва фармонлари асосида яратилган шароитлар ҳақида кенг турда таъкидлаб ўтди ва йиғилганларни янги савдо мажмуасининг очилиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга, уларнинг сонини кўпайтиришга, минтақамизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, асосийси, янгидан-янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
«Paint Spring» МЧЖ томонидан умумий 25 млрд, шундан 10 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари асосида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган савдо мажмуасида бугунги кунда 80 иш ўрни яратилган.
Албатта, янги очилаётган бундай савдо ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаб, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилади.





