Касаба уюшмалари кунига бағишланган тадбир ўтказилди
Бугун Нукус шаҳридаги сўлим масканлардан бирида 11 ноябрь - Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунига бағишлаб, байрам тадбири ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этиб, соҳа фидойиларини сана муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, бугунги кунда эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият барпо этиш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, "Инсон қадри учун" деган эзгу ғоя асосида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиланишларда 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Бугунги ўтказилган тадбирда касаба уюшмаларининг фаолияти, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, бир гуруҳ соҳа вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан кўкрак нишонлари, шунингдек, бир қатор фаоллар "Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланди.
Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан бир пиёла чой устида давом этди.






