Жўқорғи Кенгес Раиси Франция давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаэв Франция давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук билан учрашди.
Учрашувда Франция давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида бир қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги ва шу асосда Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни ошириш борасидаги ва фуқароларнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг турда маълумот берди.
Элчи томонидан Франция давлати Қорақалпоғистон Республикаси маданияти, туризм салоҳияти, минтақадаги экологик вазият билан таниш эканлигини, шунингдек, Нукус шаҳрида ўтказилаётган Франция маданияти ойлиги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.
Ўтказилган учрашувда Франция давлати ва Қорақалпоғистон ўртасидаги ўзаро алоқани мустаҳкамлаш, савдо, ижтимоий-иқтисодий, таълим, маданият, туризм соҳалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан республикамиздаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижий ҳамкорларни кенг жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништириб ўтилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаэв ҳурматли меҳмоннинг республикамизга бўлган ташрифидан миннатдор эканлигини билдириб, ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳар қандай янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашини, бунинг учун барча имкониятлар яратиб берилишини айтиб ўтди.


