Жўқорғи Кенгес Раисининг тадбиркорлар учун қабули бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тадбиркорлар учун ташкил этилган мурожаат ботига келиб тушган муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Орынбаевнинг қабули ўтказилди.
Унда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан бугунги кунда ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятлар кенг турда таъкидлаб ўтилди.
Бундан сўнг тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, жойида ечимини топиш чоралари кўрилди.
Қабулда асосан тадбиркорликни ривожлантириш борасида дуч келаётган муаммолар, молиялаштириш ва кредит ажратиш масалалари, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонларини ажратиш, бюрократик тўсиқлар, ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида мурожаатлар билдирилди.
Билдирилган масалаларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, вақт талаб этиладиган мурожаатлар Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсий назоратига олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.



