Тахиатош туманида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Тахиатош туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси Тахиатош туманига кириш жойида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Шундан сўнг "Жайхун" МФЙ ҳудудида Саноатқурилишбанк балансидаги бўш турган бинода "ЛЕДУЛТРАЭНЕРЖИ" МЧЖнинг картон ишлаб чиқариш лойиҳаси, "Гринхаус голд" МЧЖнинг Ин-витро усулида кўчат етиштириш лойиҳаси, шунингдек, "Сурхон Тахиатош текстиль" МЧЖнинг тикув ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари кўздан кечирилди. Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга яқиндан ёрдам бериш кераклиги таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси "Марказий" МФЙ ҳудудидаги авария ҳолатидаги уйларда яшаётган фуқароларни ижтимоий уйларга кўчириш ишлари билан танишди. Шунингдек, "Обод макон" МФЙдаги ижтимоий уйда фуқаролар учун яратилаётган шароитлар кўздан кечирилди.
Тахиатош деҳқон бозори ёнида янгидан қурилаётган кўп қаватли савдо мажмуаси, шунингдек, автомашиналар учун махсус турар жой қуриш ишлари ҳам кўриб чиқилди. Амалга оширилаётган ишларни жадаллаштиришда тадбиркорга яқиндан кўмаклашиш бўйича вазифалар топширилди.
"Қусшıлıқ" маҳалласи ҳудудида Халқ банки балансидаги бўш турган иссиқхона хўжалиги фаолиятини қайта йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Туман ҳудудидаги банк балансида бўлган объектларни тўлиқ қувватда фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш ва олдиндаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида кўча бошилари ва нуронийлар билан учрашув ўтказди. Бундан сўнг туман фаоллари, мутасадди раҳбарлар билан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.









