"Яшил макон" акциясига старт берилди
Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Нукус шаҳрида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт кўчатларини экиш ишларига старт берилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, юртимиз фаровонлигини, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш ва яшил ҳудудларнинг барпо этилишида бутун халқимиз билан бирга ҳисса қўшишимиз кераклигини таъкидлади.
Тадбирда Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов, идора-ташкилот раҳбарлари, фаол ёшлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда экологик вазиятни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманларда турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиши давом эттирилмоқда.
Бу йилги кузги дарахт экиш мавсумида 8 млн. 781 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш, Нукус шаҳри ва туман марказларидаги 19 гектар майдонда "Яшил жамоат парклари" ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида кўчатхоналарда 10 млн. донадан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда.
Бугунги тадбирда тайёрланган ер майдонларига эзгу ниятлар билан дарахт кўчатлари ўтқазилди.









