"Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири ўтказилди
Бугун Нукус шаҳри марказида ўрнатилган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ёнида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, халқимизни байрам муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз байроғи эзгулик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик, янгиланиш каби ҳис-туйғуларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, юртимиз байроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни улуғлаш ва баландларга кўтариш - ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз байроғи остида халқимиз ҳаётида, инсонларнинг маънавий оламида улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқда. Бунда ҳурматли Президентимиз ғоялари, бошлаб берган эзгу ишлари, белгилаб берган устувор вазифалари ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлида юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистон учун ҳам чинакам тараққиётлар, янгиланишлар даври сифатида катта эътибор қаратилаётгани бунинг яққол мисолидир.
Тантанали тадбирда мана шундай эзгу ишлар алоҳида тилга олинди.
Юқори савияда ташкил этилган тадбир санъат соҳаси вакилларининг концерт дастури билан давом этди.






