Хўжайли туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаэв Хўжайли туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси "Сарышүнгил" овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Товча ҳудудига борди. Таъкидлаш жоизки, илгари бу ерда 149 та хонадонда фуқаролар термитдан зарар кўриб, яшаб келаётган эди. Бу муаммонинг ечими топилиб, деярли барча хўжаликлар хавфсиз жойга кўчирилиши таъминланди.
Бундан сўнг, "Бағман" МФЙ ҳудудидаги "Балық ЮК" МЧЖ томонидан йўлга қўйилган балиқ етиштириш лойиҳаси ҳамда "Қумбиз" МФЙдаги "Қирқ қиз" МЧЖ томонидан йўлга қўйилган тикувчилик корхонаси ишлари кўздан кечирилди. Тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши учун барча амалий ёрдамларни кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
"Парвоз" МФЙ ҳудудида йўлга қўйилган "Кингсман" хусусий мактаби фаолияти ҳам ўрганилди. Умумтаълим муассасалари билан бирга нодавлат мактаблар фаолияти йўлга қўйилиши таълим сифатини янада оширишга хизмат қилиши ва бундай мактабларни янада кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси "Фаррухбек Хожели" фермер хўжалиги томонидан йўлга қўйилган чорвачилик лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишди. Янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай лойиҳалар ташаббускорлари доимо қўллаб-қувватланиши кераклиги алоҳида тилга олинди.
Фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳали ҳам ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш ва муаммоларга ечим топиш бўйича тумандаги кўча бошилари, нуронийлар билан учрашув ўтказилиб, амалга ошириши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Бундан сўнг, туман фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.









