Республика хотин-қизлар конференцияси бўлиб ўтди
Бугун Нукус шаҳрида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликдаги иштирокига бағишланган “Хотин-қизлар учун чексиз имкониятлар: Қорақалпоғистон тажрибаси” мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва яратилган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Сўнгги 3 йилда 1,400 дан ортиқ хотин-қизлар доимий турар жой билан таъминланди, ”Аёллар дафтари” дастури доирасида 193 мингдан ортиқ хотин-қизларга жами 292 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 450 дан ортиқ талаба-хотин-қизларга жами 3,5 миллиард сўмлик шартнома пуллари тўлаб берилди.
Иқтисодий фаоллик ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган республика конференциясида 300 нафар фаол хотин-қизлар ва Тошкент шаҳридан мутасадилар иштирок этди.
Тадбир давомида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди, бу орқали уларнинг профессионал салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари кенг жамоатчилик эътиборига тақдим қилинди.
Конференция давомида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш, малака ва салоҳиятни ошириш ҳамда янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.





