Орол денгизининг қуриган тубида илмий-тадқиқот станцияси очилди
Бугун Орол денгизининг қуриган тубида ташкил этилган илмий-тадқиқот станцияси очилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов ва Инновацион ривожланиш агентлиги директори А.Норов иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва маҳаллий экотизимни тиклашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2022 йилда Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Оролбўйида экологик ва илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди. Шу асосда ўтган йиллар давомида умумий қиймати 15,7 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа молиялаштирилиб, жорий йилда 57,1 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шундай лойиҳалар қаторида фойдаланишга топширилган станция экологик тиклаш ишларини самарали назорат қилиш, шўрга чидамли ўсимликлар ўсишини кузатиш ва самарали илмий тадқиқот ишларини олиб боришда муҳим ҳисобланади.
Янги илмий-тадқиқот станцияси нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки минтақадаги илмий тадқиқотлар ва экологик изланишлар учун марказ сифатида хизмат қилади ва Оролбўйи ҳудудининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.





