Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни белгиланди
Бугун пойтахтимиз Нукус шаҳрида 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан совғаларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида халқимиз, жумладан, ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонларга амалий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан “Инсон қадри учун” ҳамда “Ҳеч бир инсон эътибор ва меҳрдан четда қолмаслиги керак!” деган эзгу ғоя остида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, турмуш даражасини яхшилаш, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Албатта, бундай тадбирларни амалга оширишда махсус боғчалар, мактаб-интернатлари ва “Мурувват” уйлари муҳим ўрин тутмоқда.
Энг муҳими, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бу борадаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтармоқда.
Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлайдиган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, шунингдек, жорий йил бошидан буён 7 706 нафар фуқарога 10 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация техник воситалари берилди, реабилитация марказларида 1 300 нафардан ортиқ фуқаронинг саломатлиги тикланди.
Шу билан бирга, кекса ва ногиронлиги бўлган 3 мингдан зиёд фуқароларга санаторийларга йўлланмалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган 1033 та корхонага эса 9 миллиард 525 миллион сўмлик солиқ имтиёзи берилди, шунингдек, 6 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилди.
Жорий йилдан бошлаб барча янги қурилаётган мактаблар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилди, шаҳар ва туманлардаги 13,5 км узунликдаги кўчалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун мослаштирилмоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда 25 та спорт марказида ташкил этилган 15 та спорт тўгарагида 600 нафардан ортиқ пара-спортчилар мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, ногиронлиги бўлган болаларни жамиятга мосластириш ҳамда саломатлигини тиклаш мақсадида 41 та жойда ташкил этилган “Кундузги парвариш хизмати”га 273 нафар бола қамраб олинди.
Муҳими, ногиронлиги бўлган шахслар доимо эътиборда бўлганлиги сабабли улар турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз равнақига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Тадбир доирасида бугунги сана муносабати билан ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар топширилди.











