Қорақалпоғистонда Ҳиндистоннинг ЭРА университети филиалини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Маданият вазири Б.Темирбаев ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси консули Б.Асқаровлар Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатининг Лакнау шаҳрига амалий ташриф билан бориб, "ЭРА University" раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди.
Учрашувда университетнинг таълим, илмий ва инфратузилма салоҳияти тақдим этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, яқин муносабатларни ўрнатиш борасида Қорақалпоғистонда ЭРА университетининг филиалини очиш масаласи кўриб чиқилиб, ушбу лойиҳани амалга ошириш йўналишида университет делегациясининг республикамизга амалий ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
Ўтказилган учрашув давомида тиббиёт, фармацевтика ва илмий тадқиқотлар йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари, яқин муносабатларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
.jpg)